Ўзбекистонда интернет журналистика

Ўзбекистонда интернет журналистиканинг пайдо бўлган илк даврда ижод аҳли унга жиддий қарашмаган. Унинг истиқболи мавҳум туюлган.

Ўзбекистонда том маънодаги интернет журналистика 2000 йиллар ўрталаридан шакллана бошлаган. Бу албатта техник тараққиёт билан боғлиқ жараён эди. Ўша пайтларда интернет журналистиканинг ўзбек сегментида янгиликлар сайтлари бармоқ билан санарли эди. Уларнинг ярмидан кўпроғи мухолиф сайтлар эди.

Ўзбекистонда илк миллий интернет фестивали 2005 йили ўтказилган. Унда хабар нашрлари йўналишида  ҳозирги Uzreport TV асоси бўлган uzreport.com сайти 2-ўринни эгаллаган. Биринчи ва учинчи ўринни эгаллаган сайтлар (security.uz, darvoza.uz) ҳозир ишламаяпти.

Информацион технологияларнинг жадаллик билан тараққий этиши мамлакатимизда ҳам интернет журналистиканинг ривожланиши ва оммалашишига олиб келди. Ҳозирда Интернет журналистика Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ичида тезкорлиги бўйича биринчи, аудиториясининг кўплиги ва таъсир дорасининг кенглиги бўйича телевидениедан сўнг иккинчи ўринга чиқиб олди.

Интернет журналистика энг тезкор ОАВ сифатида матбуот, радио, телевидение имкониятларини ўзида жамламоқда. Энди сиз бирон ахборот билан танишиш учун газета чоп этилишини, ТВ ёки радиода янгиликлар дастури бошланишини кутиб ўтирмайсиз. Энг катта интернет-нашрлари матн, фото, тасвир, овоз, инфографика каби элементлардан фойдаланиб, хабарларни интерактив тарзда етказмоқда. Интернет-радио ва Интернет-телевидение йўналиши ҳам жадаллик билан ривожланмоқда.

Ҳозирда .uz миллий доменида 54000 дан ортиқ ном рўйхатга олинган, улардан 450 таси ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тақдим қилган маълумотларга кўра, 2018 йил январь ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 20 000 000 кишидан ошган. Бу ўтган йилгига нисбатан 5,3 млн.га кўп бўлиб, Ўзбекистон умумий аҳолисининг 63 %и глобал тармоқ фойдаланувчисига айланган. Уларнинг аксарияти интернетдан мобил телефонлари орқали  фойдаланадилар. Ўзбекистондаги мобил телефон абонентлари сони эса 22 800 000 кишидан ошган. Таққослаш учун: мамлакатимизда интернет фойдаланувчилари сони 2000 йили 7500, 2005 йили 675 000, 2010 йили 6 500 000, 2015 йили 10 200 000 кишини ташкил этган.

2017 йилда интернет фойдаланувчиларининг кескин ошиши ўтган йилда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар, эркинликлар самараси ҳамда уларнинг интернет сайтларида батафсил ва тезкор ёритилиши билан боғлиқдир.

Президент матбуот хизматининг ислоҳ қилиши ва самарали фаолият юритиши онлайн журналистикага ҳам ўз таъсирини ўтказди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаатномасининг интернетда жонли олиб берилиши журналистика тарихида катта воқеа бўлди. Илк бор мана шундай олий даражадаги тадбир ўша вақтнинг ўзидаёқ хабар сайтларида ёритилди, таҳлил қилинди, бутун дунёдан муносабатлар билдирилди. Авваллари бундай учрашувлар ўтиб бўлгандан сўнг бир қанча қайчилашлардан сўнг эфирга узатиларди. Баъзи тадқиқотчиларнинг ҳисобига кўра, ушбу мурожаатномани интернетда 4 000 000 киши кузатди.

Бугун интернетнинг ўзбек сегментида энг оммавий сайтлар daryo.uz ва kun.uz янгилик сайтларидир. 2018 йил 13 февраль ҳолатига кўра, daryo.uz сайтига бир кунда  349 920 киши (2 719 266 та саҳифа ўқилган), kun.uz сайтига эса  328 412 киши ташриф буюрган (1 526 726 та саҳифа ўқилган). Ушбу сайтларга ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоиз кўп фойдаланувчи ташриф буюрган.

Ўзбекистоннинг интернетдаги энг катта ахборот каналлари ҳисобланган daryo.uz ва kun.uz сайтларига кунига 90-110 тадан материал киритилади. Уларнинг ижтимоий тармоқлардаги кузатувчилари сони 1 000 000 кишидан ошади. Масалан, kun.uz сайтини ижтимоий тармоқларда жами 1 265 870 киши кузатади (Telegram – 256399, Facebook – 175971, Twitter – 19500, Instagram – 709000, Youtube – 105000).

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги муассислигидаги xabar.uz сайти янги ташкил этилганига қарамай, кунига 40000 кишилик аудиторияни йиға олди. Сайтда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳақида танқидий, таҳлилий материаллар мунтазам эълон қилиб борилмоқда.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг uza.uz сайти ТАСС ва УзТАГдан қолиб кетган эски қолиплардан воз кечиб, мақолаларни эркин тарзда бераётгани, фикр айтувчилар учун минбар-платформа яратгани, танқидий мақолаларни қисқартирмасдан чоп этаётгани сабабли аудиторияси ҳам кенгайди. Баъзи кунлари сайт ўқувчилари сони 15-20 000 га ҳам етди.

Маълумки, бутун дунёда босма оммавий ахборот воситалари қийин даврларни бошдан кечирмоқда. Газета ва журнал тиражлари ҳар йили тушиб бормоқда. Аксинча уларнинг электрон версиясига талаб ортмоқда. Ҳар ҳафтада 3,2 миллион нусхада чоп этилган АҚШнинг энг машҳур янгиликлар журнали “Newsweek” 2013 йилдаёқ тўлиқ электрон вариантга ўтди, босма нашри тугатилди.

2015 йили АҚШга сафар қилганимда у ердаги босма ва электрон оммавий ахборот воситалари фаолиятини ўргангандим. Тинч океани бўйида жойлашган Астория шаҳрида 10000 киши истиқомат қилади. Маҳаллий “The Daily Astorian” газетаси 10000 нусхада, ҳафтасига 5 марта чоп этилади. Асосан маҳаллий хабарларга ихтисослашган бу газета шаҳардаги барча хонадонларга етказиб берилади. Шунингдек, унинг интернет версиясини ҳам кунига 20000 киши ўқиркан. Газета муҳарриридан “Ҳозирда кўп нашрларнинг интернетга ўтиб кетишидан хавотирланмайсизми? Одамлар газета ўқимай қўйишидан қўрқмайсизми?” деб сўраганимда “Йўқ, ўқувчиларни асло йўқотмаймиз, газетада ўқиган планшетда ҳам ўқийверади. Лекин, реклама берувчиларни йўқотамиз. Интернетдаги реклама жуда арзон” деб жавоб берди. АҚШдаги газеталарнинг аксарияти рекламадан даромад қилади. “The Daily Astorian” муҳаррирининг айтишича, обуна пули газетани етказиб бериш харажатларини қоплайди, холос.

Ўзбекистондаги барча босма оммавий ахборот воситалари ҳам ҳозирданоқ электрон версия ва доимий янгиланадиган сайтни йўлга қўйишмаса, эртага аудиторияни йўқотиб қўйишлари ҳеч гап эмас. Бу борада “Даракчи” ва “Ҳордиқ” газеталари олдинроқ ҳаракат қилган эдилар. Ҳозирда ушбу газеталарнинг кунлик ўқувчилари сони 20000 дан ошган. Газеталарнинг сайти унинг босма версиялари учун реклама вазифасини ҳам бажаради. Шунингдек, газетага сиғмаган ёки чоп этилгунча эскириб қоладиган исталган мақолани сайтда эълон қилиш мумкин.

Сўнгги ойларда “Халқ сўзи” газетасининг сайти ҳам анча жонланди. Унда кундалик хабарлар билан биргаликда ўткир танқидий мақолалар, мушоҳадага чорловчи материалларнинг мунтазам эълон қилиб борилиши сайт ва газетанинг оммалашувига сабаб бўлмоқда (кунига 3500 киши). “Uzbekistan Today”, “Ўзбекистон овози” газеталарининг онлайн версияларини ҳам кунига 1000-1500 фойдаланувчи кузатмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида интернет журналистика тараққиёти борасида Қозоғистондан сўнг иккинчи ўринда турибди. Қозоғистонда интернет фойдаланувчилари сони 10 миллион киши бўлиб, умумий аҳолининг 56 фоизини ташкил этади. Мамлакат интернет сегментида янгиликлар сайтлари оммавий бўлиб, энг катта хабар портали tengrinews.kz сайтига кунига 600 000 дан ортиқ фойдаланувчи ташриф буюради.

Марказий Осиё давлатларининг барчасида янгиликлар сайтлари энг кўп кириладиган сайтлардир. Россия ва бошқа ривожланган давлатларда оммабоп сайтлар рўйхатини миллий интернет корпорациялари эгаллаган (Россияда —Yandex, АҚШда — Google, Хитойда — Baidu). Ўзбекистонда ҳам маълумотлар қидируви, электрон почта, янгиликлар, видеохостинг, таржимон, савдо платформаси, диск, об-ҳаво, энциклопедия, иш излаш каби юзлаб сервисларни жамлаган, кучли ҳимояланган ва қулай ишлаш тизимига эга бўлган миллий интернет корпорациясига эҳтиёж бор. Акс ҳолда ахборот хавфсизлиги ҳақида қанча қайғурмайлик, бошқа сервисларга қарам бўлиб қолаверамиз.

Давронбек Тожиалиев,

Ziyouz.com портали муҳаррири

“Ҳуррият” газетаси, 2018 йил, 21 февраль

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *